Жиззах вилоятининг олис туманларидан бири бўлган Арнасой туманида бугунги кунда замонавий тикув фабрикаси ўз фаолиятини йўлга қўйди.

Ушбу фабрика “ARNASOY GOLD TEX” МЧЖ корхонасига қарашли бўлиб, унга Хитой давлатидан келтирилган замонавий технологиялар ўрнатилган.

Кейинги йилларда тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар амалга оширилаётганлиги, шунингдек саноат ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, янги иш ўринларини яратиш ва ҳудуд аҳолисининг фаровонлигини ошириш мақсадида Ҳукуматнинг тегишли қарори билан “ARNASOY GOLD TEX” МЧЖ жойлашган ҳудуд “Жиззах” эркин иқтисодий зонаси ҳудудига қўшиб берилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

“ARNASOY GOLD TEX” МЧЖ корхонаси ишга туширилиши натижасида туманда бугунги кунда 300 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди, шунингдек корхона тўлиқ қувват билан ишлашга эришиши натижасида 700 дан ортиқ киши доимий иш ўринлари билан таъминланади.

Ҳозирда корхона томонидан ишлаб чиқарилаётган момиқ сочиқ маҳсулотларини Россия ва АҚШ давлатларига экспорт қилиш йўлга қўйилди.

“ARNASOY GOLD TEX” МЧЖ вакилининг айтишича корхона дунёга машҳур “ZARA Home Collection” ва “Taс Home” ҳамда Россиянинг “БлагоФ” каби брендларини ҳамкорликка жалб этган. 

Ушбу корхонада ишлаб чиқариладиган тўқимачилик ва тикув маҳсулотлари жаҳонда етакчилик қилаётган брендлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар билан бемалол рақобатлаша олади ҳамда сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарилишига эришилади