Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодиётни ривожлантириш ва модернизация қилишни рағбатлантириш, хўжалик юритиш субъектлари учун солиқ юкини изчил равишда камайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган сиёсат юқори макроиқтисодий кўрсаткичларга эришишга хизмат қилмоқда.

Кейинги пайтларда республикамизда иқтисодий муносабатларни либераллаштириш ва кичик ва ўрта бизнес субъектларини қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётнинг тармоқларини ривожлантиришга қаратилган қатор қонун ҳужжатлари, Президентимизнинг Фармон ва қарорлари амалиётга татбиқ этиб келинмоқда.

Шуни алоҳида такидлаш жоизки, иқтисодиётнинг айрим секторларида тадбиркорлик субъектларига сезиларли миқдорда имтиёз ва преференциялар берилганлиги қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлашнинг амалдаги тартибидаги мавжуд бўлган номутаносибликлар барча хўжалик юритувчи субъектлар учун тенг шароитларни таъминлашда қўшилган қиймат солиғининг тўлақонли занжирини яратиш ва шу билан бирга қулай рақобатли муҳитни барпо бўлишига имкон бермай келаётганди.

Куни кеча муҳтарам юртбошимиз томонидан имзоланган “Солиқ ва божхона имтиёзлари берилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармон хўжалик юритиш субъектлари айниқса фермер хўжаликлари, бошқа қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ва тўқимачилик саноати корхоналари ўртасида бозор муносабатларини шакллантириш, пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш асосида юқори қўшилган қийматга эга рақобатбардошли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлашда қўшилган қиймат солиғини тўлиқ ҳисобга олиш тизимини жорий этиш, солиқ солиш базасини аниқлаштириш ва уларга нисбатан солиқ юкини пасайтириш, солиққа тортиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва янгилаш учун қулай шарт-шароитлар яратишга йўналтирилганлиги билан улар ўртасида вужудга келадиган қўшилган қиймат солиғи занжирини ўзвийлигини таъминлашда алоҳида бир янги даврни бошлаб бериши кутилмоқда.

Мазкур Фармонга мувофиқ 2019 йил 1 августдан бошлаб қуйидагича тартиб ўрнатилиши белгиланди:

ягона ер солиғи тўловчиси ҳисобланган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилари ихтиёрий равишда қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтиши мумкин;

2019 йил 1 октябрдан бошлаб эса:

2019 йил январь ойидан сентябрь ойигача 1 миллиард сўмдан ортиқ пул айланмаси (тушуми)га эга бўлган ёки 50 гектардан ортиқ қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларига эга бўлган ягона ер солиғи тўловчилари қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланадилар ва белгиланган тартибда қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтишлари шарт. Бунда 2019 йил 1 октябрдан бошлаб белгиланган пул айланмаси (тушуми) чегаравий даражасига етган ягона ер солиғи тўловчилар ушбу даражага эришилган ойдан кейинги ойнинг 1 санасидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтади;

пахта хомашёсини ишлаб чиқарувчилар 2019 йил ҳосилидан бошлаб қўшилган қиймат солиғини тўлашга ўтадилар. Бунда уларга
2018 йилнинг 1 октябридан илгари бўлмаган вақтда ҳақиқатда олинган ва пахта хомашёсини етиштириш учун ишлатилган товарлар (иш, хизматлар) учун тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқи берилади.

Айтиш ўринлики, фармоннинг 4-бандига асосан Давлат солиқ қўмитаси томонидан фермер хўжаликларига бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича хизматлар кўрсатиш учун махсус дастурий маҳсулот ишлаб чиқилганлиги фермер хўжаликларида ҳисобот шаклларини юритишда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни олдини олишга замин яратади.

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси молиявий-иқтисодий таҳлил бўлими бошлиғи Анвар ҚАРАЕВ ​​​​​​​