1.   2019 — 2021 йилларда ишлаб чиқариладиган тайёр маҳсулотнинг камида 80 фоизини экспорт қиладиган тикув-трикотаж корхоналарига тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоизларни тўлаш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидаги тартибда қопланади;

- айланма маблағларни тўлдириш (тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун ип-калава, трикотаж мато, ип газлама ва бошқалар харид қилиш) мақсадида тижорат банклари томонидан миллий валютада бериладиган кредитлар бўйича белгиланган фоиз ставкасининг 25 фоизи миқдорида, аммо
5 фоизли пунктдан юқори бўлмаган ҳолда;

- ишлаб чиқаришни модернизация қилиш (бино ва асбоб-ускуналарни сотиб олиш) мақсадида тижорат банклари томонидан хорижий валютада бериладиган кредитлар бўйича белгиланган фоиз ставкасининг 50 фоизи миқдорида.

2.   Ноль ставкани қўллаш натижасида вужудга келган қўшилган қиймат солиғини қайтариш зарур бўлган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилган кундан эътиборан 7 иш куни давомида солиқ тўловчига тезкорлик билан қайтарилади. Бунда давлат солиқ органларида мавжуд бўлган маълумотлар,
шу жумладан, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича таққослаш далолатномаси ҳамда қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китобларини тақдим этиш тартиби бекор қилинди.

3.   Биржа савдолари орқали пахта толасини сотишда қатъий талаб қилинадиган банк кафолатлари бекор қилинди. Бунда тарафлар ўртасида мажбуриятлар бажарилишини таъминлаш тартиби шартнома асосида белгилаш тартиби жорий этилди.

4.   Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда тадбиркорлик субъектларининг товар айланмасидан вужудга келган ноль ставкадаги қўшилган қиймат солиғини қайтариш тўғрисида тақдим қилган аризаларини кўриб чиқиш бўйича автоматлаштирилган дастур ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилди.

5.   «Ўзстандарт» агентлиги «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси билан биргаликда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати маҳсулотларига уларни синовдан ўтказиш усулларига талабларни белгиловчи стандартлар бўйича амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни хатловдан ўтказди ва халқаро меъёрларни ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган стандартларни белгилади.

6.   Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси бошқа вазирлик ва идоралар билан биргаликда белгиланган муддатда республика ҳудудига тайёр тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини ноқонуний олиб киришга қарши курашишни кучайтириш бўйича амалий чора-тадбирлар режасини тасдиқлади.